Марказий Осиё бугун табиий ресурслари ва халқаро савдо йўллари билан йирик давлатлар эътиборида. Марко Рубионинг Самарқандга ташрифи АҚШнинг минтақадаги сиёсий ва иқтисодий манфаатларини яна кун тартибига олиб чиқди. Kun.uz суҳбатлашган экспертларга кўра, Вашингтоннинг минтақа билан бугунги ҳамкорлигини муҳим минераллар, инфратузилма ва инвестиция йўналишлари белгилаб бермоқда.

— АҚШ давлат котиби Марко Рубио Самарқандга нега ташриф буюрди?
Шуҳрат Расул: C5+1 формати 2015 йил 1 ноябрда Самарқандда илк бор ўтказилган. Менимча, АҚШ Марказий Осиё давлатларига бу форматни иккита асосий сабаб билан таклиф қилган. Геосиёсий жиҳатдан Марказий Осиё АҚШ учун стратегик аҳамиятга эга. Минтақа Россия ва Хитой ўртасида жойлашган бўлиб, унинг географик ўрни Вашингтон учун муҳим. Трамп маъмурияти президентликка киришиш арафасида Монро доктринасининг янгиланган талқинини илгари сурган бўлса-да, АҚШ дунё бўйлаб геосиёсий таъсирини сақлаб қолишга интилмоқда.
Бугун Марказий Осиёга халқаро қизиқиш ортиб, минтақанинг геосиёсий аҳамияти янада кучаймоқда. Дастлабки учрашувлардан кейин C5+1 формати мунтазам мулоқот механизмига айланди. Бироқ учрашувлар ҳар йили бир хил тартибда ўтказилмаган, айрим даврларда улар орасида бир неча йиллик танаффуслар бўлган. 2015 йилдаги илк учрашувдан сўнг, 2016 йилда ҳам мулоқот ўтказилди. Кейинчалик учрашувлар 2020, 2021 ва 2022 йилларда давом этди, ундан сўнг яна танаффус кузатилди.
2025 йил февралида Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари АҚШга таклиф этилди. 2026 йилда эса минтақа давлатлари билан яна учрашув ўтказилмоқда. АҚШнинг иқтисодий манфаатлари ҳақида ҳамкасбларим батафсилроқ тўхталишади деб ўйлайман. Менимча, Марко Рубионинг Самарқандга ташрифи ва C5+1 доирасидаги мулоқот айнан шу геосиёсий ҳамда иқтисодий манфаатлар билан боғлиқ.
Фарҳод Каримов: АҚШ дунёнинг нафақат Жануби-Шарқий Осиё, балки бошқа минтақаларида ҳам Хитой билан рақобатлашмоқда. Евросиёда бу рақобатни олиб боришда Американинг географик жойлашуви муайян қийинчилик туғдиради. АҚШ минтақадан узоқда жойлашган ва унинг Евросиёга бевосита таъсир кўрсатиш имкониятлари чекланган. Шу сабабли Вашингтон учун минтақа давлатлари мустақиллигини мустаҳкамлаш, уларнинг Россия, Хитой ва бошқа йирик кучлардан мустақил сиёсат юритиш имкониятларини кенгайтириш муҳим аҳамиятга эга.
Бундай ёндашув бир томондан минтақа давлатлари манфаатларига мос келса, иккинчи томондан АҚШнинг геосиёсий мақсадларига ҳам хизмат қилади. Бугун дунёда турли инқирозлар давом этаётган бир пайтда АҚШ давлат котиби Марко Рубионинг Марказий Осиёга ташрифи Вашингтон минтақа билан муносабатларга жиддий аҳамият бераётганини кўрсатади.
Бу ўринда АҚШ матбуотида ҳам таъкидланган муҳим жиҳатга эътибор қаратиш лозим. Вашингтон Марказий Осиё давлатларига геосиёсий танлов шартларини қўймасдан ҳамкорлик қилишни таклиф этмоқда. Минтақа давлатлари йирик кучлар билан муносабатлар ўрнатишда кўпинча муайян танлов қаршисида қолади, Ўзбекистон раҳбари ҳам аввалроқ буни очиқ айтган эди. Ҳозир эса АҚШ ҳамкорликни муайян геосиёсий блокни танлаш шарти билан боғламаслигини таъкидламоқда. Албатта, Вашингтоннинг ҳам ўз сиёсий манфаатлари бор. Бироқ минтақа давлатларининг мустақил сиёсат юритиши, Россия, Хитой, Эрон ва бошқа давлатларга ҳаддан ташқари қарам бўлиб қолмаслиги АҚШ манфаатларига мос келади.
Иккинчи муҳим масала — табиий ресурслар, хусусан, нодир минераллар. Жаҳон иқтисодиётида беқарорлик кучайиб, Форс кўрфази ва Қизил денгиз каби муҳим транспорт йўналишларида хавф-хатарлар ортаётган бир шароитда АҚШ замонавий саноат ва технологиялар учун зарур хомашё манбаларини диверсификация қилишга интилмоқда. Марказий Осиё давлатлари эса бу борада муҳим ҳамкор бўлиши мумкин. Шу сабабли Вашингтон минтақанинг кончилик ва нодир минераллар соҳаларига инвестиция киритишидан манфаатдор.
Учинчи йўналиш — транспорт ва савдо йўлаклари. Марказий Осиё халқаро савдо йўналишларида тобора муҳим ўрин эгалламоқда. Хусусан, Ўрта коридорнинг аҳамияти ортиб бормоқда. АҚШ компанияларининг минтақадаги инфратузилма лойиҳаларига қизиқиши ҳам шу билан боғлиқ. Улар шаклланаётган транспорт тармоқлари ва логистика инфратузилмасига инвестиция киритиш орқали ушбу жараёндан четда қолмасликка интилмоқда. Агар АҚШ бу имкониятлардан фойдаланмаса, минтақадаги иқтисодий лойиҳалар ва савдо йўналишларида Хитой ёки бошқа давлатлар етакчи ўринни эгаллаши мумкин. Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари кўп векторли ташқи сиёсат юритиш ҳамда иқтисодий ҳамкорларни диверсификация қилишга интилаётган бир пайтда, Вашингтон учун бу жараёнларда фаол иштирок этиш муҳим.
Тўртинчи омил — инвестиция бозори. Марказий Осиёда ҳали хорижий сармоя жалб қилиш имкониятлари кенг бўлган кўплаб соҳалар мавжуд. Бу фақат энергетика ёки нодир минераллар билан чекланмайди. Транспорт, тоғ-кон саноати, қимматли қоғозлар бозори ҳам катта имкониятларга эга. BlackRock ва Citigroup каби йирик молиявий компаниялар вакилларининг минтақага қизиқиши бежиз эмас. Уларнинг фаолияти ва таклиф этаётган лойиҳалари Марказий Осиёда узоқ муддатли инвестиция имкониятлари мавжудлигини кўрсатади. Демак, АҚШнинг минтақага қизиқиши нафақат бугунги геосиёсий вазият, балки келгуси йилларда шаклланадиган иқтисодий имкониятлар билан ҳам боғлиқ.
Камолиддин Раббимов: Бу ерда гап фақат Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги ҳамкорлик ҳақида эмас, балки Марказий Осиёнинг беш давлати — C5+1 формати ҳақида кетмоқда. Халқаро учрашувларда минтақа давлатларини бир жойга жамлаш ёки улар билан алоҳида мамлакатларда учрашиш каби турли ёндашувлар мавжуд. Марказий Осиё мисолида Тошкент ва Остона каби пойтахтлар халқаро учрашувлар учун муҳим манзиллар ҳисобланади. Бироқ беш давлатни бир жойга тўплаш зарур бўлганда, Самарқанднинг танланиши алоҳида рамзий маънога эга.
Нега айнан Тошкент эмас, Самарқанд деган савол ҳам пайдо бўлиши мумкин. Тошкент — Ўзбекистон пойтахти. Агар учрашув шу шаҳарда ўтказилса, бошқа давлатларда мезбонлик масаласига доир саволлар туғилиши мумкин. Самарқанд эса Ўзбекистон пойтахти бўлмаса-да, бутун минтақа учун тарихий аҳамиятга эга қадимий шаҳардир. У ўтмишдаги қудратли давлатлар ва империяларнинг маркази бўлган, бой тарихий мероси билан ажралиб туради. Шу боис Самарқанд барча Марказий Осиё давлатларини бирлаштирувчи рамзий макон вазифасини бажара олади.
АҚШ давлат котиби Марко Рубионинг Самарқанддаги тарихий обидалар билан танишгани ҳам шаҳарнинг халқаро миқёсдаги нуфузини намоён этади. Беш давлат раҳбарлари ёки ташқи ишлар вазирларини шу ерда жамлаш мезбонлик масаласида муайян устунликни бир давлатга бериб қўймасдан, умумий минтақавий учрашув учун қулай шароит яратади. Самарқанднинг тарихий мавқейи эса унинг танланишига қўшимча рамзий мазмун беради.
Ўзбекистон ва АҚШ муносабатларига келсак, мустақилликдан кейинги 35 йил давомида икки томонлама алоқалар бир неча босқични босиб ўтди.
2002 йилда икки давлат ўртасида стратегик шериклик тўғрисидаги битим имзоланган эди. Ўша даврдаги учрашувлар Тошкентда, жумладан, InterContinental меҳмонхонасида ўтказилган. Мен ўша пайтда Стратегик тадқиқотлар институтида ишлаганим учун бу жараёнларни яхши эслайман. Бироқ ўша даврдаги Ўзбекистон ташқи сиёсатининг муҳим хусусиятларидан бири — турли геосиёсий йўналишлар ўртасидаги қарама-қаршилик эди. Бир давлат билан яқинлашиш кўпинча бошқа йўналишлар билан муносабатларнинг совуқлашишига олиб келиши мумкин эди.
Бугунги Ўзбекистон эса кўп векторли ташқи сиёсат юритишга интилмоқда. Яъни бир давлат билан ҳамкорликни ривожлантириш бошқа давлатлар билан алоқаларни чеклаш ҳисобига амалга оширилмаслиги керак. Бу ёндашув Марко Рубионинг Самарқанддаги баёнотида ҳам акс этди. Ғарб журналистларидан бири АҚШнинг Марказий Осиё билан алоқалари Хитой билан муносабатларга қандай таъсир қилиши ҳақида савол берганида, Рубио Вашингтоннинг мақсади бошқа давлатларнинг минтақа билан алоқаларини сусайтириш эмас, балки АҚШ ва Марказий Осиё ўртасидаги муносабатларни янги босқичга олиб чиқиш эканини таъкидлади. Бу ёндашув минтақа давлатларининг турли ҳамкорлар билан алоқаларини ривожлантириш ва ўз манфаатларидан келиб чиқиб мустақил қарор қабул қилиш имкониятларини сақлаб қолишига урғу беради.



