АҚШ давлат котиби Марко Рубио Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашувда иқтисодий ҳамкорлик, янги иш ўринлари яратиш ва хавфсизлик масалаларини муҳокама қилганини маълум қилди. У, шунингдек, президент қўлидан «Буюк хизматлари учун» орденини олганини билдирди.

Рубионинг сўзларига кўра, учрашувда у тарихий Самарқанд шаҳрида «С5+1» форматидаги мулоқотни ташкил этгани учун Ўзбекистон ҳукуматига самимий миннатдорлик билдирган.
Музокараларда икки мамлакатда иқтисодий имкониятларни кенгайтириш ва иш ўринлари яратиш бўйича биргаликдаги ишлар муҳокама қилинган. Шунингдек, хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда «С5+1» дипломатик платформаси доирасидаги ўзаро ҳамкорликка эътибор қаратилган.
«Президент Мирзиёев қўлидан “Буюк хизматлари учун” орденини олиш мен учун катта шараф бўлди», — дея таъкидлаган АҚШ давлат котиби.
«С5+1» формати Марказий Осиёнинг беш давлати — Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон ҳамда АҚШни бирлаштиради. Ушбу мулоқот формати 2015 йил ноябрда Самарқандда ишга туширилган.



