Наманган вилояти ва Италиянинг иқтисодий жиҳатдан энг ривожланган ҳудудларидан бири — Эмилия-Романя ўртасида тўғридан тўғри алоқаларни йўлга қўйиш режалаштирилмоқда. Ҳудудлар саноат, инвестиция, инновация ва сунъий интеллект соҳаларида ҳамкорлик қилиши мумкин.

Фото: Дунё
Ўзбекистон элчиси Абат Файзуллаев Италиянинг Эмилия-Романя вилояти президенти Микеле де Паскале билан учрашди. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар берди.
Музокараларда сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Италия ўртасида ҳудудлараро ҳамкорлик фаол ривожланаётгани қайд этилди. Шу доирада Эмилия-Романя ва Наманган вилояти ўртасида бевосита алоқаларни ўрнатиш масаласи муҳокама қилинди.
Томонлар икки ҳудуднинг юқори саноат ва ишлаб чиқариш салоҳияти ҳамкорлик учун мустаҳкам асос бўлиши мумкинлигини таъкидлади. Хусусан, юқори қўшилган қийматга эга ва экспортга йўналтирилган маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича ҳамкорликни ривожлантириш имкониятлари мавжудлиги қайд этилди.
Шунингдек, Эмилия-Романя компанияларини Ўзбекистонда истиқболли инвестиция ва саноат лойиҳаларини амалга оширишга жалб қилиш, икки ҳудуд ўртасида технологик ва инновацион ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Музокараларда сунъий интеллект ва юқори унумдорликка эга ҳисоблаш технологиялари соҳасига алоҳида эътибор қаратилди. Эмилия-Романяда мавжуд инфратузилмадан фойдаланган ҳолда Ўзбекистон билан қўшма ташаббусларни амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Маълумот учун, Эмилия-Романя Италиянинг иқтисодий ва саноат жиҳатдан энг тараққий этган ҳудудларидан бири ҳисобланади. 2025 йилда унинг ялпи ҳудудий маҳсулоти қарийб 203 млрд еврони ташкил этган. Аҳоли жон бошига тўғри келадиган ЯҲМ бўйича ҳудуд Италияда иккинчи ўринда туради.
Эмилия-Романя машинасозлик, автомобилсозлик, агроозиқ-овқат саноати, қадоқлаш технологиялари ва фармацевтика соҳаларида юқори салоҳиятга эга. Ferrari, Lamborghini, Ducati, Max Mara, Technogym, Pagani, Dallara ва Barilla каби жаҳонга машҳур компаниялар ҳам ушбу ҳудудда фаолият юритади.



