Технология
Uzum Market босқичма-босқич фаолияти тикланаётганини маълум қилди
Технология

Uzum Market босқичма-босқич фаолияти тикланаётганини маълум қилди

Uzum Market 8 октябрдан кейиниги техник носозликдан сўнг ўз фаолиятини тиклашни бошлади. «Омбор буюртмаларни аллақачон йиғмоқда ва яқин вақт ичида 7, 8 ва 9 октябрдаги юк хатлари бўйича товарларни қабул қилишни бошлайди», дейилади компания хабарида. Харидорлар ва сотувчиларга компенсация ва чегирмалар ваъда қилиняпти.

Uzum Market 8 октябрдан кейиниги чекланган кириш имкониятидан сўнг босқичма-босқич ўз фаолиятини тиклашни бошлади. Бу ҳақда компания матбуот хизмати хабар берди.

«Омбор буюртмаларни аллақачон йиғмоқда ва яқин вақт ичида 7, 8 ва 9 октябрдаги юк хатлари бўйича товарларни қабул қилишни бошлайди. Мамлакат бўйлаб топшириш пунктлари одатдагидек ишламоқда: харидорлар буюртмани SMS`даги рақамни ёки буюртма кимнинг номига расмийлаштирилган бўлса, ўша шахснинг исмини айтиб олишлари мумкин. Сотувчилар эса бу хизмат мавжуд бўлган пунктларда товарларни омборга етказиш учун топширишлари мумкин. Буюртмаларни топшириш пунктларида сақлаш муддатлари узайтирилди. Сайт, илова ва сотувчиларнинг шахсий кабинети иши тиклангани ҳақида қўшимча хабар берамиз», дейилади хабарда.

Компания платформа ишига таъсир кўрсатган техник узилишни юқори мавсум олдидан янги инфратузилмани синовдан ўтказиш жараёни билан боғлади.

«Маркетплейснинг барча фойдаланувчилари ва ҳамкорларининг маълумотлари ишончли ҳимояланган: улар киберхавфсизлик талаблари ҳамда Ўзбекистон қонунчилигига мувофиқ сақланади ва қайта ишланади», — дея таъкидланади компания изоҳида.

«Платформа барқарорлиги ҳамкорларимиз фаолиятига бевосита таъсир қилишини тушунамиз. Uzum Market франшиза асосида ишлаётган топшириш пунктлари эгаларига олинмаган фойдани қоплаб беради, сотувчилар учун эса логистика ва товарларни сақлаш октябрь охиригача бепул бўлади. Носозлик туфайли буюртмаларини ололмаган фойдаланувчиларимиз Uzum Market`даги кейинги харидлари учун промокодлар олади. Харидорлар ва сотувчилардан ноқулайликлар учун узр сўраймиз», дейилади хабарда.