Жаҳон
Канада Европа билан янги иттифоқ тузмоқчи, Трамп бунга қарши
Жаҳон

Канада Европа билан янги иттифоқ тузмоқчи, Трамп бунга қарши

Канада АҚШ билан савдо зиддиятлари кучайган бир пайтда Европа Иттифоқи билан муносабатларни янги босқичга олиб чиқмоқчи. Европа Иттифоқи Канадага блокнинг ассоциацияланган аъзоси мақомини таклиф этди. Доналд Трамп эса бунга жавобан Европа товарларига юқори божлар билан таҳдид қилди.

Канада Европа билан янги иттифоқ тузмоқчи, Трамп бунга қарши

Марк Карни, Канада бош вазири. Reuters

Канада бош вазири Марк Карни 17 сентябр куни Европа парламентида нутқ сўзлаб, «Европа ва Канада биргаликда кучлироқ» эканини ва ўз мамлакатига Европа Иттифоқининг ассоциацияланган аъзоси мақомини бериш таклифини «олқишлашини» айтди. Аввалроқ Европа комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен шундай таклиф билан чиққан эди.

Европарламентда сўзга чиққан Карни Канада ва Европа Иттифоқи «фақат қулай шароитлар мавжуд бўлгандагина иттифоқчи эмаслигини, биз фақат бир томон ютадиган келишувларга интилмаслигимизни» таъкидлади ва иккала томон ҳам қонун устуворлиги, инсон қадр-қиммати, шахс эркинлиги ва демократияга нисбатан «бир хил қатъий содиқлик»ни баҳам кўришини айтди, деб хабар берди BBC.

«Замонавий дунёнинг совуқ беқарорлиги шароитида» янги ҳамкорликлар зарур, деди фон дер Ляйен бир кун аввал Страсбургдаги ассамблея олдида, аммо ассоциацияланган аъзолик нимани англатишини аниқлаштирмади.

Европа Иттифоқи ва Канада «дунёга бир хил қарайди: сунъий интеллектдан иқлим ўзгаришигача, Арктикадан геосиёсатгача. Биз биргаликда ҳаракат қилдик: Украина, мудофаа, хомашё ва таъминот занжирлари масалаларида. Лекин энг аввало... Европа ва Канада демократияга ишонади», — деди фон дер Ляйен.

Карни фон дер Ляйеннинг «келажакда анча мустаҳкам ва амбицияли иттифоқ» ҳақидаги таклифини олқишлади, деб хабар берди унинг идораси ва қўшимча қилди: «Канада ва Европа стратегик имкониятларнинг барча соҳаларида чуқур ҳамкорлик орқали бизнинг стратегик автономиямизни таъминлаши керак».

Аввалроқ Карни Канада Европа Иттифоқи билан «ноёб иттифоқ» тузишга интилишини, аммо унга аъзо бўлиш ниятида эмаслигини айтган эди.

Трамп қарши

Карнининг ташрифи Вашингтонда эътибордан четда қолмади: АҚШ президенти Доналд Трамп, агар Европа Иттифоқи Канадага блокнинг биринчи ассоциацияланган аъзоси мақомини бериш таклифини қабул қилса, Европа Иттифоқига қарши чоралар кўриш билан таҳдид қилди.

«Агар улар буни қилсалар, агар мен буни душманлик ҳаракати деб ҳисобласам, мен жуда жиддий божлар жорий этаман ёки кўплаб товарлар бўйича Европа билан савдони тўхтатаман», — деди Трамп журналистларга ва бу таклифни «кулгили» деб атади.

«Агар бу яхши ният бўлса, ҳаммаси жойида. Агар бу ёмон ният бўлса, биз Европа товарларига жуда юқори божлар жорий этамиз», — деб қўшимча қилди у.

Франциянинг Европа ишлари бўйича вазири Бенжамин Ҳаддаднинг айтишича, Қўшма Штатлар Европа Иттифоқининг геосиёсий қарорларига вето қўйиш ҳуқуқига эга эмас. «Қўшма Штатлар ва бошқа ҳеч ким европаликларнинг сиёсий ва геосиёсий йўналишини танлаш ҳуқуқига эга эмас», — деди у Public Senat телеканалига.

Исми ошкор этилмаган европалик дипломат Reuters агентлигига шундай деди: «Яхшиямки, биз бу вақтга келиб президент Трампнинг ҳар бир баёнотини жиддий қабул қилмасликни ўргандик».

Карнининг ўзи Трампнинг навбатдаги таҳдидлари ҳақидаги саволга Европа билан иттифоқ ҳам Канада, ҳам АҚШ суверенитетини мустаҳкамлаши ҳақида жавоб берди.

«Кучлироқ, барқарор ва суверен Канада Қўшма Штатлар учун самаралироқ ҳамкор бўларди — Европа Иттифоқи ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин», — деди у.

Америка ўрнига

Карнининг Европага сафари август ойида Канада-АҚШ савдо музокаралари муваффақиятсизликка учрагани ва ортидан ўзаро тариф чоралари кетма-кет жорий қилинганидан сўнг амалга оширилди.

Ўтган ҳафта Қўшма Штатларнинг Канада маҳсулотларига 50 фоизлик божларига жавобан Канаданинг бир қатор Америка товарларига божлари кучга кирди. Канаданинг 15 фоиздан 50 фоизгача бўлган жавоб божлари деярли 20 миллиард долларлик пўлат ва мебелдан тортиб футболкаларгача бўлган кўплаб Америка товарларига таъсир қилади.

Америка ва Канада расмийлари келишув тузиш истагини билдирмоқда, бироқ август ойи охирида музокаралар барбод бўлганидан кейин уларни қайта тиклаш бўйича ҳеч қандай силжиш кузатилмаяпти.

Ҳозир АҚШда Канада автомобиллари ва юк машиналарига, шунингдек, Канада пўлати, алюминий ва ёғоч материалларига 25 фоизлик бож мавжуд. Август ойи охирида Трамп сут маҳсулотлари, спиртли ичимликлар, хоккей таёқлари ва парфюмерия каби бошқа маҳсулотларга янги 50 фоизлик тарифларни жорий қилди.

Карни томонидан «долларга доллар, ставкага ставка» деб таърифланган Канаданинг жавоб тарифлари АҚШдан келадиган юзлаб товарларга нисбатан қўлланмоқда.

Улар Канада, АҚШ ва Мексика ўртасидаги эркин савдо келишувига мос келмайдиган Америка автомобиллари ва юк машиналарига нисбатан Канада томонидан жорий этилган амалдаги жавоб божларига қўшимча равишда киритилди.

Сентябр ойи бошида Карни Канада ҳамон АҚШ билан ҳар икки давлат манфаатларига жавоб берадиган «узоқ муддатли» келишувга умид қилаётганини айтди.

Карни кейинги ўн йил ичида Канаданинг савдо йўналишларини диверсификация қилишга ва АҚШдан ташқари давлатлар билан савдо ҳажмини икки баравар оширишга ваъда берди. Июл ойидаги маълумотлар шуни кўрсатадики, Канада экспортининг АҚШга улуши савдо уруши бошланишидан олдинги ўртача 75 фоиздан 66 фоизгача пасайган.

Ким учун фойдали?

Фон дер Ляйеннинг баёноти баъзи кузатувчиларни ўйлантириб қўйди: блок Германиянинг Украинага тўлақонли аъзо бўлиш учун оралиқ қадам сифатида ассоциацияланган аъзо мақомини бериш тўғрисидаги май ойидаги таклифига совуқ муносабат билдирган эди.

Европа Иттифоқи тарихан ҳуқуқий мақомга эга бўлмаган мослашувчан иттифоқларга қаршилик кўрсатиб келган, ассоциатив аъзолик тўғрисидаги қарор эса фақат фон дер Ляйен томонидан эмас, балки Европа Иттифоқига аъзо давлатлар томонидан қабул қилинади.

Европа Иттифоқи дипломатларидан бири фон дер Ляйеннинг таклифидан ҳайратда эканини билдириб, «бунинг аслида нимани англатишини ҳеч ким билмайди», деди. Дипломатнинг сўзларига кўра, Еврокомиссия раҳбари «ҳаддан ташқари катта ваъдалар бермоқда ва уларни бажара олмайди» деган хавотирлар мавжуд.

Фон дер Ляйен ўз нутқида Европа Иттифоқи ва Канада барча соҳаларда ҳамкорлик қилишини айтди. «Биз интеллектуал ишлаб чиқариш устида ишлаймиз. Биз технологик иттифоқ тузамиз. Биз мудофаа саноати базаларини бирлаштирамиз. Биз Арктикани флагман қўшма лойиҳага айлантирамиз», — деди у.

«Ҳамкорлик — Европа учун стратегик танловдир. Аммо у қоидаларга асосланган халқаро тизимдаги бўлинишга ҳам жавобдир», — деб қўшимча қилди у.

17 сентябр куни бошқа бир европалик дипломат буни «аъзо давлатлар билан ҳеч қачон муҳокама қилинмаган муваффақиятсиз таклиф» деб атади.