Northrop Grumman компанияси ишлаб чиққан YFQ-48A Talon Blue учувчисиз жанговар самолёти парвозга кўтарилиш, ҳаводаги манёврлар ва қўнишни инсон аралашувисиз амалга оширди.

Northrop Grumman компаниясининг Talon Blue дрони Калифорниядаги Mojave Air and Space Port аэродроми устида илк парвозини бажарди. Ушбу аэропортда Northrop Grumman таркибига кирувчи ва экспериментал учиш аппаратларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган Scaled Composites компанияси жойлашган. Talon Blue айнан шу компания томонидан қурилган.
YFQ-48A Talon Blue ўзининг биринчи тўлиқ автоном парвози давомида ҳавога кўтарилди, ҳавода турли манёврларни бажарди ва мустақил равишда қўнди.
Учувчисиз самолёт модулли конструкция ва замонавий ишлаб чиқариш усуллари асосида яратилган. Бу ёндашув деталлар сони ва аппаратнинг умумий оғирлигини камайтириш, ишлаб чиқариш харажатларини пасайтириш ҳамда самолётларни тезроқ тайёрлаш имконини беради. Бунда унинг жанговар имкониятларини сақлаб қолиш кўзда тутилган.
Northrop Grumman маълум қилишича, парвоз компаниянинг автоном тизимлар соҳасидаги 70 йиллик тажрибаси ва автоном режимда амалга оширилган 500 минг соатдан ортиқ парвозлари натижасидир.
Talon Blue Northrop Grummanʼнинг ўзи молиялаштираётган Talon лойиҳаси доирасида ишлаб чиқилган. Лойиҳадан мақсад амалиётга тайёр автоном авиация тизимларини яратиш жараёнини тезлаштиришдан иборат.
Самолёт конструкцияси турли жанговар вазифаларга мослаштириш имконини беради. Юқорида жойлашган ҳаво кириш қисми, кенг базали шасси ва корпус ичига ўрнатилган қурол бўлмаси аппаратни АҚШ ва унинг иттифоқчилари манфаатларига мос вазифаларда қўллашга имкон яратади.
Talon Blue учувчисиз авиация бозори жадал ривожланаётган бир пайтда синовдан ўтказилмоқда. Ушбу аппаратлар АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучларининг юзлаб учувчисиз машиналарни харид қилишни назарда тутувчи Increment 2 дастурида иштирок этиши кутилмоқда. Бироқ дастур доирасидаги самолётларга қўйиладиган аниқ талаблар ҳали якуний тасдиқланмаган.



