Жаҳон
Август ойида глобал ҳарорат тарихий рекорд ўрнатди
Жаҳон

Август ойида глобал ҳарорат тарихий рекорд ўрнатди

Август ойида глобал ҳарорат тарихий рекорд ўрнатди

2026 йил августи метеорологик кузатувлар тарихидаги энг иссиқ ой сифатида қайд этилди. Дунё бўйича ўртача ҳарорат 16,96 даража Целсийни ташкил этиб, 2023 йилда ўрнатилган аввалги рекорддан ҳам юқори бўлди.

Август ойида глобал ҳарорат тарихий рекорд ўрнатди

Фото: Jung Yeon-je/AFP

Европанинг Copernicus иқлим ўзгаришини мониторинг қилиш хизмати (C3S) маълумотларига кўра, 2026 йил августида Ер юзи бўйича ўртача ҳарорат 16,96 даража Целсийга етган.

Бу кўрсаткич 2023 йил августида қайд этилган аввалги энг юқори натижадан ҳам ошган. Шу тариқа, 2026 йил августи кузатувлар тарихидаги энг иссиқ ой бўлди.

Reutersʼнинг ёзишича, глобал ҳароратнинг саноатлашувгача бўлган давр даражасига нисбатан исиши 2025 йил ноябридан бери биринчи марта 1,5 даражадан юқори кўтарилган.

Copernicus мутахассислари 2026 йил ёзи Ғарбий Европада ҳам кузатувлар тарихидаги энг иссиқ ёз бўлганини қайд этди. Шу билан бирга, денгиз суви ҳарорати ҳам мисли кўрилмаган даражада юқори кўрсаткичларга етган.

2026 йил ёзи бирин-кетин кузатилган ўта кучли иссиқ тўлқинлари билан ажралиб турди. Экстремал юқори ҳароратлар айрим ҳудудларда дарёлар сатҳининг пасайиши ва ўсимликларнинг қуришига олиб келди.

Рекорд даражадаги иссиқлик бошқа экстремал об-ҳаво ҳодисалари, жумладан сув тошқинлари ва йирик ўрмон ёнғинлари билан ҳам кечди.

Copernicus эксперти Саманта Бёржесснинг AFPʼга айтишича, инсоният камида сўнгги 100 минг йил ичида ҳозиргидек юқори ҳароратларга дуч келмаган бўлиши мумкин.

У иқлим ўзгариши энди мавҳум тушунча эмаслиги, унинг оқибатлари одамларнинг кундалик ҳаётига тобора кўпроқ таъсир қилаётганини таъкидлаган. Европада кучли иссиқ пайтида йўл қопламаларининг эриши ва шифохоналарга тушаётган юкламаларнинг ортиши шулар жумласидан.

Copernicus иқлим исишининг асосий сабаби сифатида нефть, кўмир ва газ каби қазилма ёқилғиларни ёқиш натижасида атмосферага чиқарилаётган иссиқхона газларини кўрсатмоқда.

Аввалроқ ташкилот 2026 йилнинг июнь ва июль ойларини ҳам Ғарбий Европа тарихидаги энг иссиқ ойлар сифатида қайд этган эди.