Суд экспертизасига кўра, ўз ҳудудидан олиб кетилгани ва яқинларига хабар бера олмагани фермернинг руҳий ҳолатига таъсир қилган. У ўзини камситилган ва ёлғиз ҳис қилиб, кучли ҳиссий зўриқиш ҳолатида ўз жонига қасд қилган. Натижада фермер вафот этган.

Хатирчида талабини бажармаган фермерни ҳушёрхонага олиб борган профилактика инспекторига суд ҳукми ўқилди. Фермер шу муассасада ўз жонига қасд қилган. бу ҳақда “Дарё” нашри суд ҳужжатига асосланиб хабар берди.
Воқеа 2025 йил 2 август куни содир бўлган. Шу куни туман ИИБ бошлиғининг ўринбосари профилактика инспектори А.И.га Тошкентдан меҳмонлар келиши муносабати билан улар ўтадиган йўналишда қишлоқ хўжалиги техникалари ишлаб туриши кераклиги ҳақида топшириқ берган. Уни бажаришга киришган профилактика инспектори А.И. “Б.Б.” фермер хўжалиги раҳбаридан техникаларини ишлатишни талаб қилган. Фермер эса унинг ноқонуний талабини бажаришни рад этган.
Шундан кейин инспектор ўзининг кучи ва ваколатини кўрсатиб қўйиш мақсадида хўжаликка тегишли молхона биносига борган. У фермернинг механизатор билан молхона биноси ҳудудидаги боғда спиртли ичимлик истеъмол қилиб турганини кўриб, уларни телефонда тасвирга ола бошлаган. Механизатор даладаги ишини тугатиб, тракторни қайтариб келганини ва хўжалик раҳбарининг ёнига ўтирганини айтиб, тасвирга олмасликни сўраган.
Бироқ А.И. ҳамкасбини ёрдамга чақириб, фермернинг жамоат жойида спиртли ичимлик ичиб ўтирганини важ қилиб, Хатирчи тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли маст ҳолдаги фуқароларга тиббий ёрдам кўрсатиш туманлараро пунктига олиб кетган.
Шунингдек, фелдшер В.М. билан тил бириктириб, навбатчи шифокор йўқлигига қарамасдан, белгиланган низомларга зид равишда фермерни муассасага жойлаштирган. Фелдшер тиббий кўрикдан ўтказиш ва олиб қолиш ҳақида қарор қабул қилиш ваколатига эга бўлмаса-да, фермерни мажбурий тартибда тиббий кўрикдан ўтказган. Бундан ташқари, унинг кийимлари ва буюмлари холисларсиз текширилиб, телефони олиб қўйилган. Яқинларига хабар берилмаган, унинг ўзига ҳам хабар бериш имкони қолдирилмаган. Шундан сўнг эркак хонага жойлаштирилган.
Суд экспертизасига кўра, ўз ҳудудидан олиб кетилгани ва яқинларига хабар бера олмагани фермернинг руҳий ҳолатига таъсир қилган. У ўзини камситилган ва ёлғиз ҳис қилиб, кучли ҳиссий зўриқиш ҳолатида ўз жонига қасд қилган. Эркак ўша куни соат 16:35 да ҳушёрхонада вафот этган.
Фермернинг рафиқаси айтишича, у кейинчалик кузатув камераси ёзувларини кўрган. Уларда эри қўлини кўксига қўйиб, инспектордан бир неча марта узр сўрагани акс этган. Инспектор бунга эътибор бермаган.
Фермернинг қариндошларидан бири уни олиб кетиш учун ҳушёрхонага ҳам борган. Аммо ИИБ ходимлари бундай одам йўқлигини айтиб, ундан чиқиб кетишини сўраган. Кейин муассасага тез ёрдам машинаси кирган. Шундан сўнг унга қариндоши ўз жонига қасд қилгани ҳақида айтишган.
Инспектор судда айбини тан олмаган. Аксинча, фермернинг мастлик ҳолатини текшириш учун уни олиб бориш жиноят эмаслигини, пунктда олиб қолиш масаласини фелдшер ҳал қилганини билдирган.
Суд А.И.ни Жиноят кодекси 103-моддаси 2-қисмининг “в” банди бўйича қилмишида жиноят таркиби мавжуд эмаслиги сабабли оқлаган. Бироқ уни Жиноят кодексининг 206-моддаси 1-қисмида назарда тутилган ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш жиноятини содир этганликда айбли деб топган. Унга шу модда бўйича, Жиноят кодексининг 45-моддаси қўлланиб, 1 йил 6 ойга ИИВ тизимида, шунингдек, давлат органларида моддий ва мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда, 1 йил 6 ой озодликни чеклаш жазоси тайинланган.
Навоий вилоят суди 2026 йил 29 июнда апелляция тартибида, 23 октябрда эса тафтиш тартибида ишни кўриб, ҳукмни ўзгаришсиз қолдирган. Инспектор ва унинг адвокати оқлов сўраб берган тафтиш шикояти қаноатлантирилмаган.



