Навоий
Нурота давлат қўриқхонасидаги фотоқопқонга Қизилқум архарлари тушди
Навоий

Нурота давлат қўриқхонасидаги фотоқопқонга Қизилқум архарлари тушди

Қизилқум архари заиф ва сони қисқариб бораётган кенжа тур сифатида Ўзбекистон Қизил китоби, Табиатни муҳофаза қилиш халқаро иттифоқининг Қизил рўйхати ҳамда CITES’нинг II иловасига киритилган.

Нурота давлат қўриқхонасидаги фотоқопқонга Қизилқум архарлари тушди

Фото: Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси

Навоий вилоятидаги Нурота давлат қўриқхонасида ўрнатилган фотоқопқон Қизилқум архарларини қайд этди. Бу ҳақда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси хабар берди.

Маълумотларга кўра, ўтган асрнинг 60–70 йилларида Қизилқум архарининг Нурота тизма тоғларидаги популяцияси 60–70 бошни ташкил этган. 1975 йилда Нурота давлат қўриқхонаси ташкил этилиб, архарлар муҳофазага олинганидан сўнг уларнинг йўқолиб бораётган популяциясини сақлаб қолишга эришилган.

2026-09-29 22.52.06

Foto: Ekologiya va iqlim o‘zgarishi milliy qo‘mitasi

Кейинги 10 йил давомида архарлар сони барқарорлашган. Экология қўмитаси томонидан олиб борилаётган муҳофаза тадбирлари натижасида уларнинг сони яна кўпайиб бормоқда. 2026 йил баҳорги саноқда Нурота тизмасида 2 130 бош Қизилқум архари қайд этилган.

Қизилқум архари заиф ва сони қисқариб бораётган кенжа тур сифатида Ўзбекистон Қизил китоби, Табиатни муҳофаза қилиш халқаро иттифоқининг Қизил рўйхати ҳамда CITES’нинг II иловасига киритилган.

Ушбу кенжа тур Нурота ва Оқтоғ тизмаларида, Томдитоғ қолдиқ тоғларида, Туркистон тизмасида ҳамда эҳтимол Молгузар тизмасида сақланиб қолган. Архарлар тоғларнинг ўрта ва юқори қисмларида — денгиз сатҳидан 500–2000 метр баландликда яшайди.

2026-09-29 22.52.08

Foto: Ekologiya va iqlim o‘zgarishi milliy qo‘mitasi

2024 йил февралида Қашқадарё вилоятида жойлашган “Ҳисор” давлат қўриқхонасига ўрнатилган фото-видеоқопқонлар орқали қор қоплонларининг катта тўдаси тасвирга олингани ҳақида хабар берилганди.

Қўриқхона ходимларининг сўзларига кўра, қор қоплонлари сони кўпайган. Илгари улар иккитадан ортмаган бўлса, ҳозир қор қоплонларининг сони 3-4 тага етади.