Навоий
Ўзбекистон Хитой билан 11,3 млрд долларлик савдо қилди
Навоий

Ўзбекистон Хитой билан 11,3 млрд долларлик савдо қилди

2026 йилнинг январ–июл ойларида Хитой Ўзбекистоннинг энг йирик ташқи савдо ҳамкори бўлди. Етти ойда икки давлат ўртасидаги савдо айланмаси 11,3 млрд долларни ташкил этди. Кейинги ўринларни Россия ва Қозоғистон эгаллади.


Миллий статистика қўмитасининг дастлабки маълумотларига кўра, 2026 йилнинг январ–июл ойларида Ўзбекистон жаҳоннинг 200 дан ортиқ мамлакати билан савдо алоқаларини амалга оширган.

Мазкур даврда Ўзбекистон ташқи савдо айланмасида энг катта улуш Хитой ҳиссасига тўғри келган. Ушбу мамлакат билан савдо айланмаси 11,3 млрд АҚШ долларига етган.

Иккинчи ўринни 8,1 млрд долларлик кўрсаткич билан Россия Федерацияси эгаллаган. Қозоғистон эса 3,3 млрд долларлик ташқи савдо айланмаси билан учинчи ўринда қайд этилган.

Кейинги ўринларда Туркия — 1,6 млрд доллар, Афғонистон — 1,2 млрд доллар, Франция ва Корея Республикаси — 1,1 млрд доллардан кўрсаткич билан жойлашган.

Шунингдек, Ўзбекистоннинг Бирлашган Араб Амирликлари билан ташқи савдо айланмаси 928,7 млн долларни, Туркманистон билан 779,4 млн долларни ташкил этган.

Топ-10 рўйхатини Хитойнинг махсус маъмурий ҳудуди ҳисобланган Ҳонгконг якунлаган. Ўзбекистон ва Ҳонгконг ўртасидаги савдо айланмаси етти ойда 776,8 млн долларга етган.

Шу тариқа, 2026 йил январ–июл ойларида Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмасидаги энг йирик ўнта ҳамкори Хитой, Россия, Қозоғистон, Туркия, Афғонистон, Франция, Корея Республикаси, БАА, Туркманистон ва Ҳонгконг бўлган.