Президент Янги Тошкентда ўтказилган учрашув давомида янги Таълим ва илм-фан вазирлиги ва унга раҳбар этиб тайинланган Эркинжон Турдимов ҳақида тўхталиб ўтди.

Фото: Президент матбуот хизмати
Шавкат Мирзиёев Янги Тошкентда инвестор ва тадбиркорлар билан ўтказилган учрашув давомида янги Таълим ва илм-фан вазирлиги ва унга раҳбар этиб тайинланган Эркинжон Турдимов ҳақида тўхталиб ўтди. Бу ҳақда тадбирда иштирок этган “Дарё” мухбири хабар берди.
“Сон кўпайди, сифат эса кам. Бундан кейин ҳар бир университет ким учун қандай кадр тайёрлашини ўзи учун аниқ белгилаб олиши керак. Тўртта вилоятга ҳоким бўлган одамни Таълим вазирлигига бекорга олиб келмадим”, деди президент.
Президент фармони билан 3 октябрь куни Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ягона Таълим ва илм-фан вазирлиги сифатида қайта ташкил этилган эди.
Эркинжон Турдимов 9 октябрь куни бош вазирнинг биринчи ўринбосари — таълим ва илм-фан вазири этиб тайинланди. У мазкур тайинловга қадар Сирдарё вилояти ҳокими вазифасида фаолият олиб борган.



