Иқтисод
Ходимларда иш ҳақини ўзи танлаган банк картасида олиш ҳуқуқи пайдо бўлди
Иқтисод

Ходимларда иш ҳақини ўзи танлаган банк картасида олиш ҳуқуқи пайдо бўлди

Ходимлар иш ҳақи ва бошқа тўловларни иш берувчининг банкидан қатъи назар, ўзлари танлаган банк картасига олишлари мумкин. Дастлабки босқичда бу имконият хусусий сектор ташкилотлари ва уларнинг ходимлари учун амал қилади.

Ходимларда иш ҳақини ўзи танлаган банк картасида олиш ҳуқуқи пайдо бўлди

Фото: Kun.uz

Маблағларни тақсимлаш маркази орқали фуқаролар иш ҳақини ўзи танлаган банк картасига олиши мумкин, дея хабар берди Марказий банк ахборот хизмати.

Тизимнинг биринчи версияси хусусий сектор ташкилотлари ва уларнинг ходимлари учун мўлжалланган. Кейинги янгиланишларда фойдаланувчилар таклифлари инобатга олиниб, имкониятлар кенгайтириб борилади.

Аввал ходимларга иш ҳақини олиш учун, одатда, иш берувчи ташкилотнинг иш ҳақи лойиҳаси юритиладиган банкда алоҳида карта очиш талаб этилар эди. Натижада фуқарода бошқа банк картаси мавжуд бўлса ҳам, янги карта очиш ва кейинчалик маблағларни бир картадан бошқасига ўтказиш зарурати юзага келарди. Маблағларни тақсимлаш маркази мазкур боғлиқликни бартараф этиб, фуқарога ўзи учун қулай банкни танлаш имконини беради.

Тизимдан фойдаланиш жараёни ходим учун содда ташкил этилган. Бунинг учун фуқаро ўзи танлаган банк картаси ёки электрон ҳамёнининг реквизитларини иш берувчининг бухгалтериясига тақдим этади. Маблағларни тақсимлаш маркази тизимида алоҳида рўйхатдан ўтиш талаб қилинмайди. Ташкилот ходимларга амалга ошириладиган тўловлар бўйича ягона реестрни шакллантириб, ўзига хизмат кўрсатувчи банкка юборади. Банк реестрни электрон рақамли имзо билан тасдиқлаб, Маблағларни тақсимлаш маркази тизимига жўнатади. Тизим маълумотларни текширади ва тўловларни ходимлар танлаган банклар бўйича тақсимлайди. Шундан сўнг қабул қилувчи банклар маблағларни тегишли банк карталари ёки электрон ҳамёнларга ўтказади.

Маблағларни тақсимлаш маркази фуқароларга иш берувчи талабига кўра алоҳида янги карта очмасдан, ўзида мавжуд банк картаси ёки электрон ҳамёнидан фойдаланиш имконини беради. Ходим бошқа банк картасини танлаши ёки кейинчалик реквизитларини ўзгартириши мумкин. Бунда карта ёки электрон ҳамён ходимнинг ўз номига расмийлаштирилган бўлиши лозим.

Маблағларни тақсимлаш маркази Марказий банкнинг ҳимояланган инфратузилмасида фаолият юритади. Маълумотлар ёпиқ банк тармоғи орқали узатилади, тўлов реестрлари электрон рақамли имзо билан тасдиқланади ҳамда олувчининг карта реквизитлари ва идентификация маълумотлари Марказий банк базалари орқали текширилади. Агар маълумотларда хатолик аниқланса, реестр тузатиш учун қайтарилади. Бу маблағларнинг нотўғри реквизитларга юборилиши хавфини камайтиради.