Жаҳон
Иордания GTA 6 ўйнашни тақиқламоқчи
Жаҳон

Иордания GTA 6 ўйнашни тақиқламоқчи

Мамлакатда болалар ва ёшларни зарарли контентдан ҳимоя қилишга қаратилган жамоатчилик чақириқлари ортидан Телекоммуникацияларни тартибга солиш комиссияси мазкур ўйинни блоклаш бўйича расмий қарор тайёрламоқда.

Иордания GTA 6 ўйнашни тақиқламоқчи

Фото: Роя News

Иордания Телекоммуникацияларни тартибга солиш комиссияси болалар ва ёшларни ҳимоя қилишга қаратилган жамоатчилик чақириқлари ортидан тегишли идоралар билан ҳамкорликда машҳур Grand Theft Auto VI (GTA 6) видеоўйинини блоклаш бўйича расмий қарор қабул қилишга тайёргарлик кўрмоқда. Бу ҳақда комиссия раиси Лара Ал-Хатиб Roya News нашрига берган эксклюзив баёнотида маълум қилди.

Ал-Хатибнинг сўзларига кўра, ушбу қадам Иордания жамиятининг турли қатламларидан келиб тушаётган кўплаб мурожаат ва хавотирларга жавобан ташланмоқда. Ҳозирда комиссия қарорни якунлаш ва ижрога қаратиш учун масъул ташкилотлар билан фаол маслаҳатлашувлар олиб бормоқда.

Замонавий видеоўйинлардаги таркибий ўзгаришларга тўхталар экан, Ал-Хатиб бугунги ўйинлар энди шунчаки анъанавий ва ёпиқ кўнгилочар восита эмаслигини айтди. Улар бутун дунёдаги нотаниш одамлар билан чекланмаган овозли ва матнли чатлар орқали тўғридан тўғри мулоқот қилиш имконини берувчи очиқ рақамли маконларга айланган, деди у.

Унинг қайд этишича, бундай рақамли очиқлик фойдаланувчиларни, айниқса, ёшларни ўйиннинг асосий сюжетидан ташқари назоратсиз мулоқот ва виртуал макондаги номақбул хатти-ҳаракатлар билан боғлиқ хулқ-атвор ҳамда хавфсизлик хавфларига дучор қилади.

Қарорнинг қонунчилик асосларига изоҳ берар экан, Ал-Хатиб Иорданиянинг болаларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунларида вояга етмаганларнинг ёшига мос келмайдиган ёки беҳаё контентдан фойдаланишини тақиқловчи аниқ нормалар мавжудлигини эслатди.

У GTA 6 атрофидаги амалий бўшлиққа алоҳида эътибор қаратди: ўйин халқаро миқёсда “фақат катталар учун” таснифига эга бўлишига қарамай, амалда болалар ва ўсмирлар қатъий техник тўсиқлар йўқлиги сабабли уни бемалол юклаб олиб ўйнай олади. Шу боис назарий ёш рейтингларининг ўзи етарли эмас.

Комплекс блоклаш тизими

Ал-Хатиб комиссиянинг рақамли хавфсизликни таъминлаш стратегияси икки параллел йўналишга таянишини билдирди:

1. Техник ва меъёрий назорат. Комиссия ҳозирда GTA 6 ўйинига қўйиладиган тақиқни расмийлаштириш ва техник жиҳатдан амалга ошириш учун идоралараро мувофиқлаштириш билан бир қаторда комплекс мониторинг ва блоклаш тизимини ишлаб чиқмоқда.

2. Ота-оналар назорати. Ал-Хатиб ота-оналар ва васийларнинг фарзандларининг смартфон ҳамда видеоўйинлардан фойдаланишини назорат қилишдаги муҳим ўрнини таъкидлаб, расмий чора-тадбирларни тўлдирувчи биринчи ҳимоя чизиғи айнан оиладаги ҳушёрлик эканини қайд этди.