Навоий вилоятида экологик таълим, «яшил» иқтисодиёт ва замонавий касблар бўйича кадрлар тайёрлайдиган «яшил» техникум ташкил этилади. Техникумга 2026-2027 ўқув йилидан талабалар қабул қилиниб, ўқиш давлат гранти ва тўлов-контракт асосида йўлга қўйилади. 2027-2028 ўқув йилидан эса халқаро таълим дастурлари жорий қилиниши белгиланган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 8 сентябрдаги 476-сон қарори билан Навоий вилояти «яшил» техникуми ташкил этилмоқда. Қарор 9 сентябр куни давлат рўйхатидан ўтказилган.
Янги таълим муассасаси президентнинг «Эко-маданият» умуммиллий лойиҳаси доирасида экологик таълим, илм-фан ва тарғиботни жадаллаштиришга оид қарорини амалга ошириш, шунингдек, «яшил» иқтисодиёт учун малакали ўрта бўғин кадрларини тайёрлаш мақсадида ташкил этилмоқда.
Техникумнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва педагогларни моддий қўллаб-қувватлашда Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети — Green Universityʼнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳамда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳузуридаги Умуммиллий экологик муаммоларни бартараф этиш давлат мақсадли жамғармаси маблағларидан фойдаланишга рухсат берилган.
Техникумда нималарга ўқитилади?
Техникумнинг асосий вазифаларидан бири меҳнат бозори ҳамда «яшил» иқтисодиёт эҳтиёжларидан келиб чиқиб малакали ўрта бўғин мутахассисларини тайёрлаш бўлади.
Ўқувчиларда энергия самарадорлиги, ресурслардан оқилона фойдаланиш, чиқиндиларни бошқариш ва экологик маданият кўникмалари шакллантирилади. Ўқув дастурларига «яшил» кўникмаларга оид мавзулар киритилади.
Шунингдек, «яшил» технологияларни жорий қилган корхона ва ташкилотлар билан дуал таълим асосида кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилади. Таълим жараёнига соҳа, корхона ва ташкилотларнинг амалиётчи мутахассислари, олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари ҳамда хорижий мутахассислар жалб қилинади.
Нуфузли хорижий таълим ташкилотлари билан ҳамкорликда қўшма таълим дастурлари асосида мутахассислар тайёрлаш ҳам назарда тутилган.
Ўқиш грант ва контракт асосида бўлади
Қарорга кўра, техникум Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Касбий таълим агентлиги тизимидаги давлат муассасаси шаклидаги касбий таълим ташкилоти ҳисобланади.
Техникумга умумий ўрта таълим муассасалари битирувчилари белгиланган тартибда давлат гранти ва тўлов-контракт асосида қабул қилинади. Ўқув жараёни бошланғич, ўрта ва ўрта махсус касбий таълим дастурлари асосида ташкил этилади.
Бундан ташқари, меҳнат бозори эҳтиёжлари, фуқаролар мурожаатлари ва иш берувчилар таклифлари асосида қисқа муддатли курслар ҳам ташкил қилинади. Улар касбий ва қўшимча компетенцияларни ривожлантириш, малака бериш ҳамда хорижий тилларни ўқитишга йўналтирилади.
Қабул 1 октябрга қадар давом этади
2026-2027 ўқув йили учун техникумга абитуриентларни давлат гранти ва тўлов-контракт асосида қабул қилиш муддати 2026 йил 1 октябрга қадар узайтирилган.
Шунингдек, 2026-2027 ўқув йилидан бошлаб «яшил» иқтисодиёт учун зарур бўлган ўрта бўғин кадрларини тайёрлаш йўлга қўйилади.
2027-2028 ўқув йилидан эса Касбий таълим агентлиги билан биргаликда техникумда халқаро таълим дастурлари жорий қилиниши белгиланган.
Техникум ўқувчиларига юқори малакали педагогларни жалб қилиш ҳам режалаштирилган. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги билан ҳамкорликда ҳар йили апрель–май ойларида «Касб ва ёшлар» очиқ мулоқот ойлиги ўтказилиб, мактаб битирувчилари техникумдаги мавжуд касбларга йўналтирилади.
Техникум Кармана туманида жойлашади
Қарорга мувофиқ, техникум Навоий вилояти Кармана тумани «Дўрмон» МФЙ, Янгиҳаёт кўчаси, 1а-уйдаги бино ва иншоотларга текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилади.
Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасига бир ой муддатда техникумда ўқитиладиган касб ва мутахассисликлар бўйича ҳудуддаги корхона ва ташкилотларни саноат ҳамкори сифатида бириктириш вазифаси ҳам юклатилган. Улар буюртмаси асосида дуал таълим ташкил этилиб, ўқувчиларнинг ишлаб чиқариш амалиёти ҳамда ишлаб чиқариш таълими усталарининг стажировкаси йўлга қўйилади.
Техникум фаолиятини ташкил этиш билан боғлиқ харажатлар 2026 йилда Навоий вилояти маҳаллий бюджетига ажратилган маблағлар доирасида, 2027 йилдан эса давлат бюджети параметрларида назарда тутилади.



